ЧУСТ ВА ПОПДА РЕКЛАМА ОБЪЕКТЛАРИ ҚОНУНИЙЛИГИ ЎРГАНИЛДИ

Dushanba, 28-sentabr, 2026

"ТАШҚИ РЕКЛАМАГА ЭЪТИБОР КУЧАЙТИРИЛМОҚДА"
ЧУСТ ВА ПОПДА РЕКЛАМА ОБЪЕКТЛАРИ ҚОНУНИЙЛИГИ ЎРГАНИЛДИ
Наманган вилоятида ташқи реклама объектларини белгиланган тартибда жойлаштириш, қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда реклама соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида амалий ўрганиш ишлари олиб борилди.
Жумладан, Чуст ва Поп туманлари ҳокимликлари, Наманган вилояти транспорт, кадастр, қурилиш ҳамда рақобат бошқармаларининг масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан туманлар ҳудудида, хусусан, автомобиль йўлларининг қатнов қисми атрофида ўрнатилган ташқи реклама ёзувлари, баннерлар ва реклама конструкцияларининг қонунийлиги ўрганилди.
Ўрганишлар давомида ташқи реклама объектларини жойлаштириш учун зарур ҳужжатларнинг мавжудлиги, уларнинг белгиланган тартибда расмийлаштирилгани ҳамда реклама конструкцияларининг амалдаги талабларга мувофиқлиги кўриб чиқилди.

ҚОНУНЧИЛИК ТАЛАБЛАРИ ТУШУНТИРИЛДИ
Аниқланган ҳолатлар юзасидан реклама объектлари эгаларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг:
2020 йил 20 февралдаги 104-сон «Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида»ги;
2023 йил 31 августдаги 428-сон «Ташқи реклама ва ижтимоий ахборотнинг айланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги
қарорлари талаблари тушунтирилди.


Шунингдек, тегишли рухсат ҳужжатларисиз ёки белгиланган тартибга риоя этилмаган ҳолда ўрнатилган реклама объектлари бўйича қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
ОГОҲЛАНТИРИШ ХАТЛАРИ ТАҚДИМ ЭТИЛДИ
Қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида тегишли реклама объектлари эгаларига Наманган вилояти ҳокимлигининг огоҳлантириш хатлари тақдим этилди.
Мазкур тадбирлар ташқи реклама соҳасида қонунийликни таъминлаш, реклама объектларини белгиланган тартибда расмийлаштириш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва ҳудудларнинг ободонлигини таъминлашга қаратилган.

Қонунга мувофиқ жойлаштирилган ташқи реклама — хавфсиз, тартибли ва замонавий шаҳар муҳитининг муҳим қисми.