Тадбиркорлик субъектларида ташқи реклама ва тижорат объектларини замонавий дизайн талаблари ҳамда амалдаги қонунчилик асосида ташкил этиш кўникмаларини ривожлантириш мақсадида Рақобат қўмитаси ҳузуридаги Рақамли трансформация ва аутсорсинг маркази давлат муассасаси, Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Маркетинг уюшмаси ҳамкорлигида тадбиркорлар, компания вакиллари, дизайнерлар ва маркетинг мутахассислари учун тренинг ташкил этилди.
“Дизайн-код”, “Реклама тўғрисида”ги Қонун ҳамда ташқи реклама ва ахборот объектларини ўрнатиш тартиби мавзуларига бағишланган 5 кунлик амалий тренинг доирасида иштирокчилар қуйидаги йўналишлар бўйича амалий билимларга эга бўлдилар:
- тижорат дизайни ва пешлавҳалар (вивеска) асослари;
- дизайн макетларини ишлаб чиқиш;
- витриналарни безатиш ва мавсумий декорация;
- реклама иншоотларини ўрнатиш учун рухсатнома олиш ва тасдиқлаш жараёнлари;
- реклама ва пешлавҳаларни жойлаштиришнинг ҳуқуқий жиҳатлари, қонунчиликни амалий қўллаш ҳамда Қўмита талаблари.
Тренинг давомида иштирокчилар тажрибали экспертлардан амалий маслаҳатлар олиш, соҳага оид ҳужжатлар намуналари билан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Шунингдек, ўқув дастури якунида тест синовидан муваффақиятли ўтган иштирокчиларга курсни тамомлаганлик тўғрисида сертификатлар тақдим этилди.
